Рўмолга қарши хуруж – эски касаллик (2010 йил 10 август)

Cавол:

Мен ҳозир жанубий Кореяда ишлаяпман… Интернетдаги исломий сайтларни кузатаман, билмаганларимни ўрганаман. Сизга саволим шундан иборат: 1. Нима учун юртимизда ҳижоб ўрашга қаршилик бўлаяпти? 2. Мен аёлимга ҳижоб ўратсам ва бунга давлат қаршилик қилса, буёғи нима бўлади? Илтимос, шу ҳақда жуда билишим керак.

Ҳамза.

Жавоб:

Аллоҳ таоло сизга Ислом билимларига бўлган қизиқишингиз ва динингиз қоидаларига амал қилишга бўлган интилишингиз учун ажрлар ато қилсин.

Дарҳақиқат, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда муслима аёллар ва қизларнинг ҳижоб ва рўмолларига қарши давлат олиб бораётган курашнинг кучайганига гувоҳ бўлаяпмиз. Бу ҳақда кўплаб хабарлар ва шикоятлар тарқамоқда. Бизга ҳам бу мавзудаги саволлар кўп келаяпти.

Ҳижобга қарши хуруж эски касаллик

Ўзбекистон ҳукуматининг ҳижобга қарши хуружлари унинг Ислом динига ва мусулмонларга бўлган душманлик занжирининг бир халқасидир. Бу адоват янгилик эмас – совет давридан бери давом этиб келади. СССР меросхўри бўлмиш Ўзбекистон мустақил давлатга айланган бўлса ҳам унинг раҳбарияти дин ва миллийлик борасида тўғри йўлни топа билмади, халқ ишончини қозона олмади. Аксинча, халқнинг янги давлатдан бўлган яхши умидларини пучга чиқарди, уларнинг кўнгилларини ҳукуматдан совутди ва нафратлантирди. Ўзбек ҳукумати содда мусулмонларни фақат Исломга бўлган эътиқодлари ва ибодатлари учун сиқувга олиб, қатағон қилди. Бунинг сабаби – агар қисқароқ тарзда тушунсак – собиқ коммунист раҳбарларнинг ривожланаётган замон талабларига мослаша олмаганидир. Давлат устида турган шахслар ўз онгидаги қолоқлик ва худосизлик сарқитидан қутула олмагани оқибатида миллионлаб одамларнинг ҳаётини абгор қилди.

70 йилдан ортиқ курашиб мақсадига эришмаган, охирида мажбуран шакли ва рангини ўзгартириб, яширин ҳолда яшашга ўтган аламзада атеизм ўз чегараларини унутиб, давлат терроризмини вужудга келтирди.

Атеизм иллатининг энг хунук асоратлари ҳукуматнинг ҳеч бўлмаганда аёллар ва қизлар масаласида шафқат ва инсоф қилишни билмаётганида кўринмоқда. Маҳалла қўмиталарию мактаблардан тортиб, МХХю ИИВгача аёлларни биргина рўмоллари ва ҳижоблари баҳона турли хил услублар билан азобламоқда, ўқиш, ишлаш ва бошқа оддий ҳуқуқлардан маҳрум қилмоқда. Бир сўз билан айтганда давлат муслима аёллар ҳаққини ҳимоя қилишнинг ўрнига таҳқирламоқда, хўрламоқда. Бу жиноятлар давлат сиёсатини белгилаб ва бошқариб турган шахсларнинг нақадар калтабин ва бешафқат эканини кўрсатади.

Хўш, биз нима қилишимиз керак?

Биз мусулмонларга ва ҳатто мусулмон бўлмаганларга ҳам қарши турли соҳаларда амалга оширилаётган зўравонликларга қарамасдан Аллоҳнинг итоатида, ота-боболаримиздан қолган муборак Ислом динида собит туришдан бошқа йўлимиз йўқ эканини яна бир бор эсга оламиз.

Эркагу аёл барчамизни Яратгувчи томонидан берилган неъмат ва ҳуқуқларни чуқур ҳис қилишга, Аллоҳга ҳамд ва шукроналар айтишга, бу фазилатларни барча шаръий ва қонуний йўллар билан ҳимоя қилишга даъват этамиз.

Оналар, опа-сингиллар, муслима аёллар, – бардам бўлингиз – сизлар мутлақо ҳақдирсиз! Сизлар ҳижобингиз билан иймонингиз ва Аллоҳнинг талабини адо этаяпсиз. Сизларнинг қадрингизни ерга ураётганлар эса мутлақо ноҳақдир! Улар нафс ва Иблис талабини бажараяпти. Сизлар иймонингиз ва солиҳ амалларингиз билан Аллоҳнинг назарида, мўминларнинг назарида бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам азизу мукаррамсиз. Муслималарнинг душманлари эса аёлларга нисбатан қилаётган пасткашликлари, зўравонликлари билан бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам юзлари қора, ўзлари эса хордирлар.

Биласизлар, ноёб бойлик жуда ҳам авайлаб асралади. Унинг албатта ҳасадчилари ва кушандалари бўлади. Бебаҳо ва улкан бойлик саналмиш иймон ва солиҳ амалларнинг Аллоҳ ва мўминлар ҳузуридаги қадри ниҳоятда баланддир. Буни жин ва инсон шайтонлари яхши англайди. Шунинг учун ҳам улар сизнинг иймонингиз ва ибодатингизга тинмай чанг солиб ҳужум қилиб туради.

Муҳтарама аёллар, сизларнинг иймонингиз рамзи бўлмиш ҳижоб ва рўмолга бўлган ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш ҳар бир муслиманинг, унинг турмуш ўртоғининг, отаси ва фарзандларининг, қариндош  ва дўстларининг, қолаверса ҳар бир мусулмоннинг бурчи саналади. Дунёқарашидан қатъиназар ҳар битта виждонли инсон аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилишга ўзининг ҳиссасини қўшиши зарур. Золим ва иймонсизларга, шайтон хизматкорларига разил мақсадларини амалга оширишларига йўл қўйиб бўлмайди.

Аёлларни таҳқирлаётган, уларга озор бераётган мунофиқларнинг зўравонликлари қаршисида бўшашиш эмас, балки жасорат намоён этиш талаб этилади. Аллоҳга ва Охират кунига иймони борлар зулмга қарши сабр, дуо ва ибодат билан, тил, қалам ва ақлу заковат билан курашмоқлари лозим. Бир-бирига амри маъруф, наҳйи мункар, насиҳат, тушунтириш, ўргатиш, тарғиб, тасалли, далда бериш ниҳоятда муҳим ишлардан.

«Эй ўғилчам, намозни қойим қил, яхшиликка чақир, ёмонликдан қайтар, сенга етган мусибатга сабр қил. Албатта ана шу амал жиддий азму қарор қилинадиган ишларандир».

(Луқмон, 17).

Иймонингизни янгилаб туринг

Рўмолга қаршилик қилаётган мактаб директорлари, маҳалла раислари, хотин-қизлар идораси хизматчилари ва милиция ходимларига ҳикмат билан мунтазам насиҳатлар қилиб, танбеҳлар бериб  туриш лозим. Уларни Аллоҳдан қўрқишга, мусулмонлик қоидаларига қарши курашмасликка, инсонлар ҳуқуқини топтамасликка даъват қилиш, шайтонга хизмат қилишдан тийилишга чақириш зарур. Аллоҳга шукрки, Ўзбекистонда ундайлар ўзларини мусулмон ҳисоблайдилар. Аммо касб-кор ва тирикчилик илинжидан шундай гуноҳ ишларга илашиб қолганлар. Уларга энг аввало ҳар эҳтимолга қарши иймонларини янгилаб олиш тавсия қилинади. Зеро, иймонни янгилаб туриш ҳар бир мусулмонга лозим.

Ҳижобга қарши ҳаракатларда иштирок этаётган ходимлар шуни тушунишлари керакки, улар хизмат қилаётган сиёсат ва режим ўзларини диндан чиқишларигача ва дунёдан иймонсиз ҳолда кетишларига олиб боради. Муболаға эмас, улар аёлларни ҳижобдан чиқаргунча ўзлари Исломдан чиқиб қолганларини билмай қоладилар. Шундай экан, уларга ҳар куни иймон калимаси «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ»ни такрор-такрор ўқиш ва тавба қилиш маслаҳат берилади. Шунда ўзларининг калималаридан ўзлари таъсирланадилар, иншоаллоҳ. Қалбларида оламлар Раббисидан қўрқув пайдо бўлади. Қилаётган ишлари аёлларга эмас, Аллоҳга қарши бўлаётганини англайдилар. Ўзларини абадий ҳалокатдан сақлайдилар.

Аслида-ку, иймони ва тўлиқ ақли бор одам ўзига подшоҳлик ваъда қилинса ҳам Аллоҳга қарши бўладиган, Исломни бузадиган ишни қилмайди. Ажабо, мактаб директорлигида ёки бир маҳалланинг раислигида ўтириш учун ё милиционер бўлиб ишлаш учун кофир бўлиш шартми? Гўрга олиб кетиб бўладими бу ўринни ёки ўлгунча ўтира оладими шу курсида? Аёлларнинг рўмолига осилиб ўзингизни расво қилгунча ақлингизни ишлатиб, шу мансабингиздан фойдаланиб, бирор тадбир қўллаб, қийналаётганларни ҳимоя қилсангиз бўлмайдими? Ахир сиз ҳам бир куни шу мусулмонлардан бир киши келиб сизни ювинтиришига, кафанлашига, жанозангизни ўқиб, кўмиб қўйишига, сўнг орқангиздан тиловат қилиб, дуо қилиб туришига муҳтож бўласиз-ку.

Насиҳат, танбеҳ ва маслаҳатлар қаторида уларга бу қилаётган гуноҳларига тавба қилиш ва истиғфор айтишни эслатиш лозим. Майли улар кибр юзасидан сизу бизга: «Ҳа, сиз ҳам тўғри айтаяпсиз», дея олмас, аммо ўзи билан ўзи ёлғиз қолган пайтда албатта ўйлаб кўради.

Маҳалла раиси ёки милиционер бирор аёл ёки қиздан: «Қачондан бери ҳижоб ўрайсан?» деб сўраганда, унинг саволига чиройли жавоб бергандан сўнг: «Сизга ҳам битта саволим бор, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ҳар куни 100 марта истиғфор айтаман» деган эканлар, сиз бир кунда неча марта истиғфор айтасиз?» – деб сўраш ўринли. Шундан кейин бошқа сўзларга ўтилади.

Савоб бўладиган итоатсизлик

Инсон яхши ишда ота-онасига, аёл киши эрига, идора хизматчиси ўз раҳбарига, мамлакат фуқароси ўз подшосига итоат қилади. Аммо гуноҳ ишга буюрса, ким бўлса ҳам унинг буйруғи олинмайди. Унга итоат қилинмайди. Итоат фақат яхши ишдадир. Рўмол ва ҳижобга қаршилик қилаётганларга итоат қилмасангиз савоб оласиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Холиқ – Яратган Зотга гуноҳкор бўладиган ўринда махлуқ – яралган (инсонлар)га итоат йўқ». 

Ўзбекистонда бўлаётган нохақликлар, аёлларга ўтказилаётган зулм ва зўравонликлар ҳақида дунё аҳлига етказиш, бошқа халқларнинг эътиборини тортиш муҳим вазифалардан саналади. Ишлар қаторида жумладан, аёлларга руҳий ва жисмоний қийноқ қўллаётганларнинг рўйхатини тузиб, улар ҳақидаги маълумотларни доимий равишда интернетда эълон қилиб боришни ташкил этиш лозим.

Аллоҳ таолодан савол сўраган биродарга ва унинг аёлига, шулар қаторида барча муслим ва муслималарга ҳақ йўлда собитқдамлик тилаймиз. Аллоҳ сабр ва нусрат ато қилсин.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi